Жанўзенликлар қозоқ президентидан Хитойга ташрифни бекор қилишни талаб этмоқдалар
Жанўзенликлар қозоқ президентидан Хитойга ташрифни бекор қилишни талаб этмоқдалар

Қозоғистоннинг Жанўзен шаҳрида 2 сентябрь куни юздан ортиқ одам ҳокимият биноси олдига йиғилиб, президент Қасим-Жомарт Тоқаевдан Хитойга ташрифини бекор қилишни талаб этдилар. Тоқаев Пекинга 11 сентябрда икки кунлик ташриф билан бориши кутилмоқда.

Аввалроқ Қозоғистон ҳукумати Хитойнинг молиявий қўллови остида мамлакатда 55та ишлаб чиқариш объекти қуришни режалаштираётгани эълон қилинганди. Намойишчилар Тоқаевни Хитойдан қарз олиш амалиётини тўхтатишга чақирдилар.

Жанўзен мэри ўринбосари Амангали Нурдаулетов норозилар билан гаплашишга ҳаракат қилди. Аммо улар Мангистау вилояти ҳокими Серикбай Туримов билан учрашувни талаб қилдилар. Норозилар Туримов вилоят маркази Актаудан яқин кунларда Жанўзенга келиб, аҳоли билан учрашиши тўғрисидаги ваъдалардан сўнг тарқалдилар.

Асосан нефть ишлаб чиқарадиган Жанўзен Қозоғистоннинг нотинч шаҳарларидан ҳисобланади. 2011 йилнинг 16 декабрида қозоқ полицияси Жанўзенда норозилик намойишига чиққан нефтчиларни тарқатиш пайтида 16 нафар норозини отиб ўлдирган эди.

Сўнгги йилларда Шинжон-Уйғур мухториятида туб этник гуруҳлар, жумладан, қозоқларнинг Хитой томонидан таъқиб қилинаётгани тўғрисидаги хабарлар ортидан Қозоғистонда аксилхитой кайфиятлари кучайди.

Ўтган йили БМТ Хитойда 1 миллиондан кўпроқ уйғурлар ва бошқа мусулмон этник гуруҳлар “қайта тарбиялаш лагерлари” деб аталувчи қамоқларда сақланаётгани тўғрисида маълум қилган эди.

www․ozodlik․org rss
2 months ago
Lignoom.com © 2019